Пудун Шанхай келажак энергетикаси ва углерод саноати институти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

«Uzbek Leasing International A.O.» АЖ Пудун Шанхай келажак энергетикаси ва углерод саноати институти (SP. FECIRI) билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистонда «яшил» лизинг лойиҳаларини амалга ошириш учун Хитой компанияларидан молиялаштириш маблағларини жалб қилиш.

Институт томонидан маросимда Бошқарув раиси ва Бош директор, техника фанлари доктори, профессор Сюн Цзянь (Xiong Jian) ҳамда директор ўринбосари Сунь Сюфэн (Sun Xufeng) иштирок этдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Энергетиклари миллий ассоциацияси вакиллари ҳам қатнашдилар.

Меморандумда Хитойнинг экспорт кредитларини суғурталаш агентлиги — Sinosure орқали молиялаштириш механизми назарда тутилган. Мазкур агентлик Хитойда ишлаб чиқарилган ускуналар ва хизматларни харид қилишда экспорт харидорлик кредитларини суғурталайди. Ушбу суғурта асосида банклар молиялаштириш ажратиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.

Институтнинг асосий вазифаси — ҳамкорларни излаб топиш ва Хитой молия институтлари билан музокараларни ташкил этишдан иборат.

Мазкур меморандум яшил иқтисодиёт соҳасидаги Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг паст углеродли ривожланиш йўналишини қўллаб-қувватлаб, маҳаллий компанияларга, айниқса, энергетика соҳасида фаолият юритувчи корхоналарга замонавий, энергия тежамкор ва экологик тоза ускуналарга ўтиш учун молиялаштириш имкониятларини тақдим этади.

Янгиликларимиз ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги янги ташаббуслардан хабардор бўлиш учун бизни кузатиб боринг! (https://taplink.cc/uzbekleasing)

#UzbekLeasing #FECIRI #ЯшилМолиялаштириш #Лизинг #Ўзбекистон #Хитой