Лизинг компанияларида ички назорат соҳасидаги касбий кўникмаларни ошириш

2026 йил 10–11 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Ўзбекистон Лизинг ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда лизинг компанияларининг ички назоратни амалга оширишга масъул мутахассислари учун икки кунлик ўқув тренинги (https://t.me/TheLawEnforcementAcademy/19496) ташкил этди.
 
Тренингнинг асосий мавзуси ички назорат тизимини такомиллаштириш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қиргин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш чора-тадбирлари самарадорлигини оширишдан иборат бўлди.
 
Тренинг доирасида иштирокчилар шубҳали операцияларни аниқлаш, хавф-хатарларни баҳолаш, лизинг олувчиларни лозим даражада текшириш, якуний манфаатдор шахс мулкларни аниқлаш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, шубҳали операцияларни ҳужжатлаштириш ва улар ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этишнинг амалий жиҳатларини ўргандилар ҳамда билимларини чуқурлаштирдилар.
 
Ўқув якунида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси сертификатлари топширилди.
 
Бундай таълим ташаббуслари мутахассисларнинг касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ички назорат самарадорлигини ошириш ва лизинг соҳасида масъулиятли бизнес юритиш маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
 
Ички назорат тизимини ривожлантириш — молия бозорининг барқарорлиги, шаффофлиги ва унга бўлган ишончни таъминлашнинг муҳим таркибий қисмидир.
 
Янгиликларимиз ва лизинг соҳасидаги янги ташаббуслардан хабардор бўлиш учун саҳифаларимизни кузатиб боринг (https://taplink.cc/uzbekleasing)!
 
#UzbekLeasing #ЛАУ #Лизинг #ИчкиНазорат #ХавфларниБошқариш #МолиявийХавфсизлик