«Uzbek Leasing International A.O.» компанияси «Ўзчармсаноат» уюшмаси вакиллари билан онлайн учрашув ўтказди.

2026 йил 28 октябрь куни «Uzbek Leasing International A.O.» (http://uzbekleasing.uz/) акциядорлик жамияти ва «Ўзчармсаноат» (http://uzcharm.uz/) уюшмаси вакиллари ўртасида чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатида фаолият юритувчи 50 дан ортиқ корхонани қамраб олган онлайн учрашув бўлиб ўтди. Zoom платформаси орқали ўтказилган мазкур учрашув ҳамкорликни ривожлантириш, корхоналарнинг молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлашга қаратилди.
 
Тадбирни «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси Алиёр Шаҳриёрович Латипов очиб, олиб борди.
 
Учрашув давомида «Uzbek Leasing International A.O.» вакиллари компания фаолиятига бағишланган тақдимот ўтказиб, лизинг хизматларини тақдим этиш шартлари, лизинг лойиҳаларини молиялаштиришнинг мавжуд манбалари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, компания томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалардан мисоллар келтирдилар.
 
Замонавий технологик ускуналарни лизинг асосида харид қилиш имкониятлари, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда корхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар, шунингдек, бизнесни ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши мумкин бўлган молиявий ечимлар билан таништирилди. Муҳокаманинг алоҳида мавзуларидан бири компания томонидан таклиф этилаётган исломий молиялаштириш хизматлари — Ижара ва Муробаҳа маҳсулотлари бўлди.
 
Учрашув якунида «Uzbek Leasing International A.O.» бош директори Зафаржон Бўрибaевич Мустафаев «Ўзчармсаноат» уюшмаси билан ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.
 
Янгиликларимиздан хабардор бўлинг, янги ташаббуслар ва халқаро ҳамкорликларимиздан бохабар бўлиб боринг! (https://taplink.cc/uzbekleasing)
 
#UzbekLeasing #Ўзчармсаноат #ИсломийМолиялаштириш #Лизинг #Инвестициялар #Тадбиркорлик #ИшлабЧиқариш #Ҳамкорлик