Uzbek Leasing International A.O. «Talaba Expo – 2026» кўргазма-ярмаркасида иштирок этди

2026 йил 24–25 июнь кунлари «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтган «Talaba Expo – 2026» кўргазма-ярмаркасида иштирок этди.

Мазкур тадбир талабалар ва битирувчиларни, давлат ҳамда хусусий сектор вакилларини, шунингдек, мамлакатнинг етакчи иш берувчиларини бирлаштириб, профессионал мулоқот, тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун самарали майдон вазифасини ўтади.

Кўргазманинг асосий мақсади ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, талабаларга касбий йўналишни танлашда ёрдам бериш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

Кўргазма доирасида «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ мутахассислари компания фаолиятини тақдим этиб, лизинг соҳасида карьера қуриш истиқболлари, замонавий молиявий инструментлар ҳамда компания фаолиятида қўлланилаётган рақамли ечимлар ҳақида маълумот бердилар.

Алоҳида эътибор ишлаб чиқариш амалиёти ва стажировка ўташ имкониятлари, шунингдек, ёш мутахассислар учун мавжуд бўш иш ўринларига қаратилди. Стендга ташриф буюрганлар компания вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, номзодларга қўйиладиган талаблар билан танишиш ҳамда танланган йўналишлар бўйича дастлабки суҳбатдан ўтиш имкониятига эга бўлдилар.

«Talaba Expo – 2026» кўргазмасидаги иштирок Uzbek Leasing International A.O. учун олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди. Компания иқтидорли ёшларнинг касбий ривожланиши ҳамда мамлакат молия сектори учун малакали кадрлар салоҳиятини шакллантиришга хизмат қилувчи имкониятларни яратишда давом этмоқда.