«Uzbek Leasing International A.O.» АЖ ходималари «Гендер тенгликни таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва молиявий инклюзивликни кенгайтириш бўйича Европа ёндашуви» мавзусидаги семинар-тренингда иштирок этдилар.

Семинар-тренинг 2026 йил 1–10 июнь кунлари Чехия Республикасининг Прага шаҳрида Европа Қўлланма Фанлар ва Менежмент Институти (European Institute of Applied Science & Management) томонидан амалга оширилаётган «Тадқиқот ва профессионал тажриба алмашинуви» халқаро лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди.

Семинар-тренинг давомида қуйидаги мавзулар муҳокама қилинди:
• Европа Иттифоқи давлатларида гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий ва институционал механизмлари;
• Аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий тажриба;
• Аёлларнинг молиявий хизматлардан, жумладан лизинг маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва молиявий инклюзивликни таъминлашнинг замонавий усуллари;
• Халқаро молия институтларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиялаштиришдаги иштироки;
• Гендерга йўналтирилган молиявий маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш амалиёти;
• Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда давлат-хусусий шерикликнинг аҳамияти;
• Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус лизинг ва молиявий маҳсулотларни ишлаб чиқиш имкониятлари;
• Европа давлатларида аёлларнинг молиявий саводхонлигини ошириш тажрибаси;
• Инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашда молиявий институтларнинг ўрни.

Семинар доирасида Европа давлатларида амалга оширилаётган гендер тенглик ва молиявий инклюзивлик дастурлари, аёллар бизнесини қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда аҳолининг турли қатламлари учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган инновацион ёндашувлар тақдим этилди. Шунингдек, иштирокчилар ўртасида тажриба алмашиш, муҳокамалар ва амалий машғулотлар ташкил этилди.

Семинар-тренингда Ўзбекистоннинг тижорат банклари, етакчи лизинг ва консалтинг компаниялари ходималари, жумладан «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ, «Taiba Finance» МЧЖ, «Benefit Finance» МЧЖ ва «Микрокредитбанк» АТБ вакиллари иштирок этдилар.

«Uzbek Leasing International A.O.» АЖда гендер тенглиги, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва инклюзив корпоратив маданиятни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Компания тенг имкониятлар тамойилларини кадрлар сиёсатида ҳам, мижозларни молиялаштириш фаолиятида ҳам изчил амалга ошириб келмоқда.

Бугунги кунда компанияда 63 нафар ходим меҳнат қилмоқда, уларнинг 17 нафари (27%) аёллардан иборат. Аёллар бошқарувнинг турли даражаларида фаолият юритмоқда: юқори бўғиндаги 4 нафар раҳбардан 1 нафари ва ўрта бўғиндаги 10 нафар раҳбардан 3 нафари аёллар бўлиб, бу компаниянинг бошқарув қарорларини қабул қилишда гендер мувозанати тамойилларига содиқлигини тасдиқлайди.

Ушбу тамойилларни янада мустаҳкамлаш мақсадида компанияда Гендер сиёсати (Gender Policy) ишлаб чиқилган ва жорий этилган бўлиб, у илк бор 2015 йилда қабул қилинган ва 2021 йилда янгиланган. Сиёсат аёллар ва эркакларнинг молиявий хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлашга, шунингдек раҳбарлик лавозимларида гендер мувозанатини сақлашга қаратилган. Унинг асосий вазифалари қаторига аёллар бандлигини рағбатлантириш, меҳнат ва оилавий мажбуриятлар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, таълим ва малака ошириш имкониятларини тенг тақдим этиш, қарор қабул қилиш жараёнларида аёллар иштирокини кенгайтириш, ҳуқуқий ҳимояни таъминлаш ҳамда ходимларнинг гендер масалалари бўйича хабардорлигини ошириш киради.

Шунингдек, «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашни ўз фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўради. Компания аёл тадбиркорларнинг бизнесни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистон Республикасида аёлларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилувчи молиявий воситалар, жумладан лизинг маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга интилади.

Маълумот учун: 2026 йилда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқларини кенгайтириш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Йилнинг асосий мақсади — 1,5 миллион нафар аёлни бандлик ва барқарор даромад билан таъминлашдир. Бу мақсадлар учун республика томонидан 25 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилган (2022–2026 йилларда мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармони)). Давлат ва халқаро ташкилотлар молиявий инклюзивликни кенгайтириш ҳамда маҳаллаларда янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда.