Ислом тараққиёт банки делегацияси Самарқандда АЖ «Uzbek Leasing International A.O.» молиялаштирган лойиҳаларга ташриф буюрди

2025 йил 19 август куни, Ислом тараққиёт банки (ИТБ)нинг Ўзбекистон бўйича мамлакат ҳамкорлигини баҳолаш миссияси доирасида, Банк вакиллари Самарқанд шаҳрида АЖ «Uzbek Leasing International A.O.» томонидан муваффақиятли амалга оширилган бир қатор лойиҳаларга ташриф буюрдилар. Ушбу лойиҳалар Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси (ХСРИК)нинг кредит линиялари ҳисобидан молиялаштирилган.

Миссиянинг мақсади — лойиҳаларни комплекс баҳолаш, объектларга ташриф буюриш, маълумот тўплаш, шунингдек, амалга оширилиш жараёни ва эришилган натижаларни асосий ходимлар, бенефициарлар, маслаҳатчилар, пудратчилар ва бошқа манфаатдор томонлар иштирокида муҳокама қилишдан иборат. Бундай ёндашув натижага йўналтирилган ҳамда ИТБ гуруҳининг Ўзбекистондаги фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Миссия доирасида мамлакатнинг турли ҳудудларига ташрифлар режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 3 июл куни ИТБ делегацияси АЖ «Uzbek Leasing International A.O.»нинг Тошкентдаги бош офисига ташриф (https://t.me/uzleasing/2999) буюрган эди. Учрашувда ХСРИК билан ҳамкорлик натижалари ва жалб этилган кредит ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги муҳокама қилинган.

Самарқандда ИТБ делегациясига АЖ «Uzbek Leasing International A.O.»нинг ҳудудий вакили — Сухроб Вафокулов ҳамроҳлик қилди. Ташриф доирасида Банк вакиллари Ижара ва Мурабаха маҳсулотлари орқали исломий молиялаштиришдан фойдаланган мижозлар фаолияти билан танишдилар:

— Sogda Zafarshon Suv Qurilish — автобетонасосни лизингга олиш;
— Kelajak Batabek Servis — картон қути ишлаб чиқариш ускуналарини лизингга олиш.

2008 йилдан буён ХСРИК билан самарали ҳамкорлик туфайли компаниямиз умумий 28 млн. АҚШ доллари миқдорида тўртта кредит линияси жалб қилди. Шунингдек, яқин кунларда ХСРИКдан 5 млн. АҚШ доллари миқдорида бешинчи кредит линияси жалб қилиниши кутилмоқда. Ушбу маблағлар исломий молия маҳсулотларини ривожлантиришга йўналтирилади.

АЖ «Uzbek Leasing International A.O.» ИТБ делегациясига Самарқандда амалга оширилган лойиҳаларга қилган ташрифи ва билдирган қизиқиши учун чин дилдан миннатдорчилик изҳор этади. Биз Ўзбекистон тадбиркорлари ва халқаро молия институтлари ўртасида ишончли боғловчи бўлиб хизмат қилаётганимиздан фахрланамиз.