"Uzbek Leasing International A.O." АЖ ходимлари исломий молия бўйича тренингда қатнашдилар

2024 йил 30 апрель куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки биносида «Исломий молиялаштириш тамойиллари, маҳсулотлари ва амалиётига батафсил шарҳ" мавзусида тренинг ўтказилди.

Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки KPMG халқаро аудит-консалтинг корпорациясининг мутахассислари иштирокида ушбу тадбирнинг ташкилотчилари бўлишди.

Мазкур семинарнинг мақсади Ўзбекистон учун барқарор молиявий ечим сифатида исломий молия, лизинг, суғурта (такафул) ва исломий облигациялар (суқуқ) борасидаги хабардорликни ошириш ва уни илгари суришдан иборат бўлди.

Тренингда маърузачилар томондан қуйидаги мавзулар кенг ёритилди:

  • Ҳозирги даврда глобал исломий банкингининг ўсиши;
  • Исломий молиялаштиришнинг таърифи ва унинг тамойиллари;
  • Исломий молиявий битимларнинг турлари;
  • Исломий маҳсулотлар: Ижара, Муробаҳа, Такафул, Суқуқ;
  • Исломий молияда шариат қоидаларига риоя қилиш ва бошқалар.

Айни пайтда исломий банкинг ва исломий маҳсулотлар молия секторининг энг тез ривожланаётган йўналишларидан биридир. МДҲ мамлакатларида ҳам, бутун дунёда ҳам исломий банкинг хизматлари ва исломий маҳсулотларга талаб кескин ошмоқда. Маълумки, Ўзбекистон исломий молия бўйича катта салоҳиятга эга, лекин шунга қарамасдан, гарчи, аҳолининг катта қисми (тахминан 93%) мусулмонлар бўлса ҳам — бу МДҲ мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич — мамлакатда исломий молиянинг кириб келиш даражаси жуда паст.

Ўзбекистон исломий молия капиталини жалб қилиш ва ушбу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш соҳасида ривожланиш салоҳиятига эга. Шуни таъкидлаш керакки, Ислом Тараққиёт банки (ИТБ), Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ), KPMG халқаро аудит-консалтинг корпорацияси сингари халқаро молия ташкилотларининг техник, молиявий ва эксперт қўллаб-қувватланиши Ўзбекистонда исломий молия соҳасини яратишда муҳим роль ўйнайди.

Ўзбекистон Лизинг уюшмасининг таклифига биноан тренингда Ўзбекистоннинг етакчи лизинг компаниялари вакиллари, жумладан «Uzbek Leasing International A.O." АЖ, «Taiba Finance» МЧЖ ХК, «TRUCK ASIA LEASING» МЧЖ қўшма корхонаси, «Mogo Lend» МЧЖ, «West Techno Leasing» МЧЖ, «Zion Fintech» МЧЖ ва бошқалар иштирок этди.